Тафтиш, тадқиқот, текширув – бугун энг оммабоп журналистик жанрлардан бири. Бу энг самарали ва шу билан бирга, журналистнинг шахсий хавфсизлиги нуқтаи назаридан маълумотни таркатишнинг анча хавфли усули.
CABAR.asia Factchek.kg нашрининг бош муҳаррири Болот Темиров билан биргаликда текширувчи журналистга материал тайёрлаш жараёнида ўзини, ўзининг яқинларини ва маълумотларни ҳимоя қилишга кўмаклашувчи қоидалар тайёрлашди.
Ахборотни ҳимоя қиламиз
Текшириш жараёнида энг муҳим хавфсизлик параметри бу ахборот хавфсизлиги. Шу сабабдан ҳамма гаджетларимизга – телефонлар, компьютерлар, планшетларга – иш жараёнида ишлатиладиган барча ускуналарга мураккаб пароллар қўйямиз.
Мураккаб пароль дегани нимани англатади? Бу турли регистрдаги харфлар, рақамлар, белгилар ишлатиладиган пароль.
Ҳеч қачон пароль сифатида ўзингизнинг шахсингиз билан қандайдир тарзда боғланиши мумкин бўлган рақамлар ёки ҳарфлар комбинациясини олманг. Туғилган кунингиз – маълумотларни хакерладан ҳимоя қилишнинг энг ёмон усули.
Google-диск ёки қандайдир бошқа серверларда сақланаётган маълумотлардан фойдаланиш фақат пароллар ва икки қадамли аутентификация орқали амалга оширилиши керак.
Икки қадамли аутентификация — бу фойдаланувчини икки хил турдаги идентификация маълумотларини сўраб қандайдир сервисда (хизматда) идентификациялаш усули, бу икки қатламли ва шу сабабдан аккаунтни рухсатсиз киришдан самаралироқ ҳимоялашни таъминлайди. Амалда бу қуйидагича бўлади: биринчи чегара бу логин ва пароль, иккинчиси SMS ёки электрон почта орқали юбориладиган махсус код.
Шу билан бирга SMS-код – бу ўзингизнинг ижтимоий тармоқлардаги ва почта аккаунтларингизни ҳимоя қилишнинг энг яхши усули эмас, шунинг учун икки қадамли аутентифекацияни Google Authenticator га боғлаб қўйиш тавсия қилинади.
Паролларни, энг мураккабларини ҳам бошда сақлаган яхши. Бироқ, бу қийин бўлиши мумкин. Бундан ташқари кучли пароль ассоциацияларни мутлақо йўқлигини назарда тутади. Ечимлар мавжуд: LastPass ёки 1Password каби хизматлардан бирига паролларингизни ишониб топшириб, бошингизда фақат калит бўлган паролни сақлашингиз мумкин.
Ўзингизнинг гаджетларингизни жамоат жойларида парол билан ҳимояламасдан қолдирманг.
Агар сиз паролни телефонингизга одамлар гавжум жойда киритаётган бўлсангиз, шундай ҳаракат қилингки, сизни кузатаётган одам (назорат камераси орқали ёки шахсан) уни қайта тиклай олмасин.
Ёзишмалар учун сайтингизни доменига боғлиқ серверлардан фойдаланиш афзалроқ. Агар ундайлари бўлмаса Gmail ёки Protonmail тавсия этилади.
Ҳа, дарвоқе, бу ерда ҳам мураккаб пароллар ва икки қадамли аутентификация қоидалари амал қилади.
Ахборот манбалари ёки тадқиқот гуруҳи аъзолари билан алоқа қилиш учун узатишда маълумотларни шифрлайдиган мессенджерларни ишлатган яхши. Шу туфайли Signal афзалроқдир. Овозли хабарларни юбориш учун Telegram ёки WhatsAppдан фойдаланса бўлади. Ушбу мессенжерларнинг ҳар биридан қўнғироқ қилиш мумкин.
Ўзимизни ҳимоя қиламиз
Айни пайтда қаердалигингизни кўрсатадиган геобелгиларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда жойлаштирманг. Тафсилотлари, белгилари сизнинг манзилингизни анқлашга ёрдам берадиган фотосуратларни жойлаштиришдан сақланинг.
Сизнинг мунтазам маршрутларингизни қанча кам одам билса шунча яхши. Ҳамда йўл одатларингизни ўзгартиб туриш фойдали: олдингизга ҳафтада камида икки марта ишхонага бориш услубини алмаштириш масаласини қўйинг.
Яхшиси ўзингиз ишлаётган ёки коворкинг жойи манзилини ҳаммаларга ҳам айтаверманг.
Сиз доим эҳтиёткор бўлишингиз даркор. Одамлар гавжум жойларни четлаб ўтинг, ва ёпиқ ҳовлилар ёки дарвозахоналар каби жуда танҳо жойлардан қочинг.
Яқинларингиз ҳақидаги ахборотларни овоза қилманг – бугунги кунда бу ўз оила аъзоларини сақлашнинг ягона йўли.
Энг хавфли давр – текширув бошланишидан нашр этилгунча.
Агар маълумот овоза бўлса, журналист учун хавф кучаяди, чунки текширув остидаги объект материал тайёрланаётганидан хабадор бўлади. Худди шу сабабдан журналист шарҳ олиш учун иккинчи тараф билан боғланганда ҳам хавф даражаси ошади.
Текширув натижалари нашр этилгандан сўнг, қоида тариқасида, таҳдид даражаси пасаяди.