Download
Print

Профессионаллик, фейклар ва ҳийла-найранглар: Қирғизистондаги сиёсий инқироз ҳақида республика ОАВ қандай гапиришди

Қирғизистон республикаси оммавий ахборот воситалари республикада 5-10 октябр кунлари содир бўлган ҳокимиятнинг инқилобий ўтишини ёритиб бериб, юқори даражадаги профессионаликни намойиш этишди. Бироқ, бу айрим журналистлар ва таҳририятларнинг хатосисиз бўлмаганини англатмайди.

CABAR.asia медиа-мактаби медиа мутахассилари билан биргаликда ушбу даврда ОАВ ишида қандай хатолар кузатилганлигини тушунишга ҳаракат қилди.

Маҳорат ошди

«Қирғизистондаги сиёсий инқироз яхши ва профессионал тарзда ёритилди, воқеалар тўғрисида эса шундай деб бўлмайди. Демократик, очиқ, маданиятли деб номланишга интилаётган мамлакатларда бўлмаслиги керак бўлган кўп нарсалар содир бўлди. Журналистларнинг мақтовларга сазовор иши ҳам бежиз эмас, чунки 2005 йилдан бери катта тажриба тўпланган. Албатта бу тажриба доим қўл келавераётгани жуда ачинарли, аммо бу савол кўпроқ ҳокимиятдагиларга қаратилган», – дейди медиа мутахассиси Азамат Тынаев.

Ўнинг сўзларига кўра, журналистларнинг техник жиҳозлари ва уларнинг барча мавжуд медиа воситаларидан фойдаланиш қобилиятлари алоҳида эътиборга лойиқдир. 

«Журналистларнинг техник жиҳатдан жиҳозланганлиги, стриминг (бевосита жонли эфир олиб бориш услуби – таржимон) трансляцияларни ўрганганликлари, контентлари барча  ижтимоий тармоқларда, барча мессенжер ва видеохостинларда етарли миқдорларда бўлганлиги, бу бизнинг оммавий ахборот воситаларимизнинг профессионаллиги яхши суръатларда ўсишидан далолат беради», – деб, таъкидлади Тынаев.

Чала гапнинг хавфлари

Шу билан бирга, экспертнинг фикрига кўра, республиканинг барча оммавий ахборот воситаларининг иши юқори баҳога лойиқ эмас. 

«Афсус, ўзлари фейкларни тарқатиб, текширилмаган ахборотларни ёзган ҳамкасабаларимиз ҳам кўп учради. Мен билмайман, атайданми, йўқми, бирок информация ёрдамида манипуляциялар мисолларини ҳам келтириш мумкин. Каердадир қандайдир қисмини кесиб ташлашган. Натижада ўқувчи ва томошабинлар мутлақо бошқа, бузилган тушунчага эга бўлган. Шундай мисоллар ҳам бор. Яхшиямки, улар унчалик кўп бўлмаган», – дея, таъкидлайди у. 

Азамат Тынаев, бундай кескин вазиятларда журналист учун бир нарсани эслаб қолиш муҳим эканлигига ишончи комил: ҳатто битта бепарво қилинган янгилик ҳам ўта жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, натижада уларни бартараф этиш учун жуда узоқ вақт талаб қилилинади ва жуда катта куч сарфланади. 

Ахборотни манипуляция қилишнинг мисолларидан бири Vesti.kg порталининг янгилиги. 

Нашр Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мырзакматов Қирғизистон жанубий пойтахти аҳолиси олдида сўзга чиқиб, миллатлараро ихтилофни қўзғатишга уринди деган маъно билдирувчи провокацион сарлавҳа остида материални эълон қилди.  

Ушбу ҳийла-найрангни Factchek.kg таҳририяти фош қилди. Фактчекерлар сиёсий арбобнинг нутқини тўлиқ эшитиб, сарлавҳа ва умуман бутун янгилик остига маърузанинг атиги бир қисмидан фойдаланилганлигини аниқлашди. Мырзакматовнинг нутқидан қирғизистонликларни минтақавий жиҳатдан бўлинишига асло йўл қўймаслик керак деган қисми кесиб, олиб ташланган. 

Vesti.kg кейинчалик сарлавҳани ўзгартирганлигини ҳам таъкидлашимиз керак.

 

Ижтимоий тармоқлар қалбаки янгиликлар манбалари сифатида 

Қирғизистон Республикасининг етакчи интернет нашрларидан бири – Kaktus.media асосчиси Дина Маслова Қирғизистон медиа бозорининг асосий иштирокчилари AKIpress, kaktus.media, 24.kg, Azattyk, Sputnik 5-10 октябр воқеалари шароитида имкон қадар журналистика ишининг ахлоқий меъёрларига риоя қилгандикларини таъкидламоқда. 

«Чунки таҳририят сиёсати шундай ишлаб чиқилганки, сиз маълумотларни қайта текширишга мажбурсиз. Шу жиҳатдан ОАВ пабликларга ютказмоқда, чунки администраторлар қисқа хабар ва видеоларни текширмай жойлаверишади», – дейди Маслова.

Ҳақиқатан ҳам қатор Telegram-каналлар шу даврда жуда фаол ишлади. Уларда икки-уч жумладан иборат янгиликлар ёки қисқа изоҳли видеолар жуда тез-тез пайдо бўлди. Бироқ, уларнинг чиқиш пайтида далиллар текширилмаган эди, агар улар нотўғри эканлиги аниқланса, администраторлар раддияларни постфактум худди шу янгиликларга ўхшаш ҳолда қўйишар эди.  

Қирғизистон Республикаси октябр воқеалари давомида, Маслованинг сўзларига кўра, кескинлашувнинг кучайиши айни ижтимоий тармоқларда содир бўлган, ўз ишини профессионал даражада қилган журналистлар эса кескинлашувларни бартараф этган.

«Бир томондан, фикр етакчилари ва парламент сайловларини ютказган партиялар вакиллари томонидан кўплаб ҳаяжонли постлар чоп этилди. Бошқа томондан кўплаб киберхужумлар билан шуғулланган бот ва троллар Садир Жапаровни ҳимоя қилиб ёзган. ОАВ муаммолари шунда ҳам бўлдики, тарафдорлар томонидан босим ўтказилди: митингларда таҳдидлар янгради, ижтимоий тармоқларда эса кибербосимлар. Бундан ташқари, маълумотни тасдиқлаш муаммо бўлган эди, чунки ўша пайтларда давлат аппарати ишламади, тасдиқлаш журналистларнинг шахсий алоқалари орқали амалга оширилди. Маълумотлар вақти-вақти билан кечикиб, бироқ тасдиқланганлиги сабабли, асосий ОАВлар баъзи гумонларни рад этишлари ёки баъзи маълумотларни тасдиқлашлари қандайдир маънода кескинликларни енгиллаштирди», – дейди у.

Сиёсий инқироз даврида ижтимоий тармоқлар сиёсатчилар ҳақида қалбаки янгиликлар (фейклар) манбасига айланди. Мисол учун, Facebookда Темир Сариевнинг уйида копларга солинган олтин топилганини тўғрисида сохта хабар пайдо бўлди ва фаол тарқатилди.

 

Собиқ бош вазир ушбу ёлғонни (фейкни) расмий равишда рўйхатдан ўтган ОАВ орқали рад этишга мажбур бўлди.

 

Шу билан бирга, Маслова зиддиятнинг кучайиши учун асосий масъулият барча баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари билан жамоатчиликни ҳаяжонга солган ҳар хил йўналишдаги сиёсатчиларга тегишли деб ҳисоблайди. 

Нотўғри иборалар

Шу билан бирга, баъзи ОАВ доимий равишда ўзгариб турадиган тузилмаларда юз бераетган ўзгаришларни кузатишга улгурмадилар ёки атайдан маълум сиёсий кучларга ўз ҳаракатларини қонунийлаштиришга ёрдам бердилар.

Мисол учун, 6 октябр куни кечқурун Жогорку Кенеш депутатлари Оқ уй вайрон қилинганлиги сабабли «Достук» меҳмонхонасида навбатдан ташқари мажлисга йиғилишди. Журналистларни ичкарига қўйишмади. Ўша куни кечқурун спикер Дастан Джумабеков  истеъфога чиққани маълум бўлди ва янги сайланган спикер Мыктыбек Абдылдаев ОАВ парламент коалицияси Жапаровни бош вазир этиб сайлашни қарор қилди деб хабар берди. У эса, ўз навбатида, ўзининг дастурини, ҳукуматнинг тузилмаси ва таркибини тақдим этиши керак эди. 

Ўша куни кечқурун «Вечерний Бишкек» ахборот агентлиги сайтида Садир Жапаров бош вазир этиб тайинланди деган хабар пайдо бўлди. Шундай қилиб, унинг лавозими қонунийлаштирилди, ваҳоланки ҳақиқатан эса у ундай эмас эди.

Шундай ҳолатларда, ҳуқуқшунослардан баъзи процедуралар (иш юритиш тартиби – тарж.) қанчалик қонуний эканлиги тўғрисида шарҳлар олиб, кейин аниқ маълумотларни бериш ўринли бўлади. Зарур бўлса ўқувчига вазиятни тушунтириб бериш даркор.

Бу вазифани Kaktus.media таҳририяти яхши бажарди. Сарлавҳанинг ўзидаёқ нашр Жапаров коалиция томонидан премьер этиб сайланди, бироқ ҳозирча унинг лавозимда тасдиқлангани ҳақида гап йўқ деб, тушунтирди. 

Кейинроқ Kaktus.media алоҳида мақолада Жапаров ҳали премьер эмас, балки депутатлар уни номзодини таклиф этдилар ҳолос деб, ўқувчиларга тушунтиришди. 

Айни пайтда, «Адилет ҳуқуқий клиникаси» томонидан батафсил таҳлил тайёрланди, унда бош вазир Кубатбек Боронов истеъфосини кўриб чиқишда, Мықтыбек Абдылбаевнинг Жўқорги Кенгес тўрағаси лавозимига сайланишида, Садир Жапаровни ҳукумат раҳбари лавозимига номзод сифатида кўрсатилишида Қирғизистон Конституциясини талаблари қўпол бузилганлиги ҳақида хабар берилган. ОАВ кўпчилиги ушбу хужжатни чоп этмадилар.  

«Бу ОАВларини мутлақ тоза ишлаши нуқтаи назаридан ниҳоят ўринли эътироз. Бошқа томондан, бу савол кимни, қачон ва ким деб таърифлашимизни юридик нозик жиҳатларини умумий тушунишимиздан келиб чиққан савол. Бироқ, бу унчалик катта масала эмас, дунёдаги ҳамма нарса матбуот кимни, қандай номлашига боғлиқ эмас. Айниқса, бундай, ҳамма нарса тез содир бўлаётганда, мутахассисларга, ҳуқуқшуносларга мурожаат қилиш деярли имконсиз бўлганда, ОАВ томонидан лавозимлар қандайдир англишмовчилик билан талқин қилиниши мумкин», – деб ҳисоблайди Азамат Тынаев.

У бундай хатоларни журналистика машғулотларида тушунтириш ва журналистика факультетлари талабалари учун ўқув курсларига киритиш кераклигига ишончи комил. Бирок, шу билан бирга, журналистлар шундай хатоликларга йўл қўйган шароитларни ҳам аниқ тасоввур қилиш керак. 

«Кабинетларда ўтириб, интернетда ҳамма нарсани текшириб кўрадиган, керакли маълумотларни чиқариб оладиган журналистлар бир бошқа, аммо агар биз ушбу тушунарсиз, қарама-қарши муҳокамалар, қарорлар пайтида кўчада ёки ҳокимият коридорларида югуриб юрган мухбирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу фавқулодда вазият эканлигини тушуниш мумкин. 

Агар кимдир кимнидир в.в.б. эмас, бош вазир деб атаган бўлса ҳам, аҳир бу бузғунчилик ҳақида гап кетмаяпти. Бундан жиддий муҳакама объектини ясаш нотўғри деб ҳисоблайман. ОАВ ҳокимиятни қонунийлаштирди дейиш – бу ҳақиқатдан анча йироқ нарса», – дейди эксперт.

Ҳанузгача ҳимоясиз

Мутахассислар журналистларнинг хавфсизлигини Қирғизистондаги сиёсий инқирозни ёритишда ОАВ фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати деб ҳисоблайдилар. 

«5 октябр куни журналистлар ўз вазифаларини яхши бажардилар, улар нафақат сайтларда хабарларни чоп этдилар, балки жонли эфирларни ташкил қилишди, бу эса маълумотларни бузилмаган ҳолда трансляция қилиш ва тақдим этиш имкониятини яратди. Журналистлар нима бўлаётганини тўлиқ кўрсатишга ҳаракат қилишди, улар олдинги сафларда, отишмалар бўлаётган жойларда ишлашди. Бундай ёндашув ҳурматга сазовор, аммо менимча, журналистларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳамма нарсадан устундир», – дейди медиаэксперт Марат Токоев.

У таҳририятларнинг ўз ходимларини хавфли муҳитда ишлашга қандай тайёрлаганидан норози эканлигини билдирди.

«Мен журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш даражасидан хафа бўлдим. Таҳририятлар ўз ходимларини қандайдир ҳимоя кийимлари билан таъминлашлари керак эди. Бундан ташқари, мен пайқаганимдек, журналистлар митингларда бир-иккитадан ишладилар. Хавфсизлик қоидаларига кўра эса, улар ҳужум ёки таҳдид ҳолатларида бир неча кишидан иборат гуруҳларда ишлашлари керак эди. Шу томондан таҳририятлар ҳамма нарсани ўйлашлари даркор эди. Ҳалқаро ташкилотлар тарқатган жилетлар вазиятни озгина енгиллаштирди. Бироқ, фақат жилетлар билан муаммо ечилмайди, журналистлар хавфсизлигини озгина бўлсада пухтароқ ўйлаш керак эди», – деб, таъкидлайди Токоев.

Олдинига митинг қатнашчилари журналистлар ишига лаёқат билан қарашди ва уларга тўсқинлик қилишмади, бироқ вазият ривожланган сари муҳит ўзгарди. 2020 19 октябрда Ҳукумат уйи ёнида сиёсатчи Садир Жапаров тарафдорларининг митингини ёритиш пайтида «Азаттык Медиа» мухбирига митинг иштирокчилари таҳдид қилишди, улар таҳририят митингни «нотўғри» ёритаяпти деган эътироз билдиришди. Таҳдид қилаётганларнинг биттаси, улар «Азаттык» офиса боришларини айтиб, мухбирдан майдонни тарк этишини талаб қилди. Журналистнинг айтишича уни қўлларидан судрашган, оёғига тепишган. Шахсий хавфсизлигини кўзлаб мухбир трансляцияни тухтатиб, майдондан кетишга мажбур бўлган. 

Бир қатор ОАВнинг офисларига ҳужумлар режалаштирганлиги тўғрисида турли ҳил манбалардан кўплаб маълумотларнинг келиб тушиши муносабати билан «Азаттык Медиа», ИА «24.kg», «Sputnik Кыргызстан» и Kaktus.media таҳририятлари кўнгилли ҳимоячиларга уларнинг идораларини хавфсизлигини таъминлашни сўраб мурожаат қилишди. Натижада, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан хавфсизликни таъминлаш имконияти бўлмаганлиги сабабли, ушбу нашрларнинг офислари ихтиёрий ҳимоячилар томонидан қўриқланди.

«Афсуски, ҳокимиятга интилган сиёсий раҳбарлар ўз тарафдорларига журналистларга тегмасликни тушунтирмадилар, чунки сўз эркинлиги демократиянинг муҳим воситаларидан биридир», – дейди Токоев.

Азамат Тынаев бу сафар ҳокимият нафақат жамиятдаги барқарорликни таъминлаш, балки оммавий тадбирлар пайтида матбуотнинг ўрни ва журналистларнинг хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратишади деган умид билдирди. Айниқса, очиқчасига журналистларнинг адабини беришга, уларнинг таҳририятларига ҳужум қилишга даъват қилувчи чақириқлар янграган тадбирлар пайтида.  

«Сиёсатчилар ўз тарафдорлари билан ишлаш услубини топишлари керак. Бу қандайдир ғайритабиий талаб эмас. Барча митинглар қандай яхши, бир сўз билан бошқарилганлигини кўрдик. Бу ўринда итни унинг қуйруғи бошқарди деб бўлмайди. Жуда юқори даражада мувофиқлаштириш, изчиллик, ҳамма нарса мукаммал бўлганлигини ҳамма таъкидлади. Бироқ, на Садир Жапаров, на Қамчибек Ташиев томонидан бир марта ҳам матбуот билан жанжаллашмаслик, уни, жисмоний хавф у ёқда турсин, уман қандайдир хавф остига қўймаслик тўғрисида салмоқли чақириқ янграмади», – деб, эътироз билдиради Тынаев.

Унинг фикрига кўра, журналистларга нисбатан бундай муносабат медиа таълимнинг умумий ўта заифлигининг давомидир. 

«Бизда, албатта, матбуот вазиятни мувозанатдан чиқаради, баъзи ОАВ беқарорлик, қандайдир рангли инқилоблар воситалари сифатида хизмат қилади деган стереотиплар оммавий равишда тарқатилиши ўз ролини ўйнайди. Мана, энди шуларнинг натижасини кўрдик», – деб, хулоса ясайди эксперт. 

Журналистларнинг шахсий жисмоний хавфсизлиги доимий мониторинг остида бўлиши даркор.

«Матбуот ҳам бир текис эмас, шундай ҳолатлар бўлдики, айрим таҳририятлар ёки қандайдир айрим журналистлар касбий хатоликларга йўл қўйдилар, улар ҳолислик, батарафлик позицияларда кололмадилар, бироқ, умуман олганда ахборот тезкорлик билан узатилганлиги, содир бўлган воқеалар тез ва совуққонлик билан таҳлил қилингани натижасида аҳоли ҳамма нарсадан хабардор бўлди, ҳамма яхши ишлади. Бу кейинги сиёсий таҳлиллар учун муҳим, бу бизнинг солномамиз, бизнинг хроникамиз», – дейди Тынаев. 

Шу билан бирга, у янги ҳокимиятни 5чидан 6чига ўтар кечаси Бишкекда уяли алоқа ва интернет ўчирилганлигига эътибор қаратишга чорлади. Унинг фикрича ушбу кейс алоҳида ўтказиладиган «синчков таҳлилга» лойиқ. 

«Тасоввур қилинг, оммавий хаос содир бўлмоқда, шу пайтда эса на уяли алоқа, на интернет йўқ. Бутун шаҳар ёшлар билан тўлиб-тошган пайтда ахборот умуман бўлмаган шароитларда нималар бўлиб кетиши мумкин? Бунинг устига ҳар ҳил ёшлар билан тўлиб-тошган бўлса. Вазият қай тарафга бурилиб кетишини тасоввур қилиш ҳам қўрқинчли. Шундай вазиятларда уяли алоқа операторлари, интернет провайдерларининг барқарор ишлаши жуда ҳам зарур. Ва бўлиб ўтган вазият бундай ҳолатнинг келажакда қайтарилмаслиги учун Хавфсизлик Кенгаши, Вазирлар маҳкамаси даражасида ҳал қилинишига салмоқли далил бўлиши даркор», – дейди медиаэксперт.

 

 

Аsosiy fotosurat: diario16.com

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Download
Print